Ҳукумат қарорида бу масала юзасидан аниқ изоҳ берилмагани турли танқидларга сабаб бўляпти.
Андижонлик 30 ёшли Нафиса бир неча йил аввал Озодликка мурожаат қилиб, жинсидаги ноаниқлик туфайли эсини танигандан бери қийналиб яшашишини айтиб берганди. У ўшанда жинсини ўзгартириб, "эркак" деб ёзилган паспорт олишни орзу қилаётганини билдирган:
“Жинсий органим аёл кишиникидан фарқ қилади, эркак кишиникига яқинроқ. Ўзбекистондаги ҳаётим азобли ва ачинарли бўлди. Сизга ҳаётимни гапирсам, битта китоб ёзсангиз бўлади”.
Ўзбекистон ҳукумати жинсини ўзгартирган шахсларга исми-шарифини алмаштириш, паспорт ва бошқа ҳужжатларни янги ҳолатга мос равишда олиш имконини берувчи қарорни жорий йилнинг 12 июнида қабул қилди.
Бу қарор Нафиса учун муҳим янгилик. Чунки аввал бундай имконият мавжуд эмаслиги туфайли у чемпионликка эришганига қарамасдан, спортни тарк этишга мажбур бўлган.
“Спорт мактабида ўқидим. Спорт коллежида таҳсил олдим. Енгил атлетикадан Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Марказий Осиё чемпионатида иштирок этиш учун чет давлатга бормоқчи бўлдим. Лекин тиббий кўрикдан ўта олмадим. Сабабини сўрасам, шифокорлар мендаги гормонлар 90% эркакларга хос эканини айтишди ва буни тиббий хулосалар билан исботлаб беришди. Улар мени Эндикринология марказига жўнатишди. У ерда ҳам шу тасдиқланди. Менда аёллик гормонлари йўқлиги сабабли мусобақадан четлатишди. Чунки, аёл спортчилар билан беллашайин десам, тиббий хулосада организмим эркакники деб турибди. Эркаклар билан беллашайин десам, ҳужжатларимда аёлман” – деган у.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларининг ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жинсини ўзгартирганлар исми ва фамилиясини расман алмаштириш учун ариза топширишдан олдин шифокорлардан тиббий хулоса олиши шарт.
Хулоса ариза билан ички ишлар органларига тақдим этилиши шарт. Ҳужжатлар 20 кун ичида ўрганиб чиқилади. Агар хулосалар сохта экани аниқланса, ёки ариза берувчи шахс қидирувда берилган ёхуд судланган бўлса, унинг аризаси рад этилади.
Жамоатчилик орасида ушбу тартибдан фақат тиббий-ҳуқуқий асосга эга шахслар эмас, балки ўзини трансгендер деб ҳисобловчилар ёки жинсини ўзгартириш истагида юрган фуқаролар ҳам фойдаланиши мумкин, деган хавотирлар пайдо бўлган.
Собиқ депутат Расул Кушербаев ҳужжатни диққат билан ўрганган фаоллардан бири:
Расул Кушербоев
“Ўзбекистон қонунчилигида жинсни ўзгартириш масаласи бор эди. Яъни, “Оила кодекси”да бу ҳуқуқ сифатида белгиланган. Қарор мана шу ҳуқуқни амалга ошириш мақсадида қабул қилинди. Мутаҳассисларнинг билдиришича, ҳар йили Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўлимларига жинсини ўзгартиш масаласида мурожаатлар бўлади. Айримларда туғилган пайтида жинси аниқ бўлмас экан, вақт ўтган сайин аниқлашиб бораркан. Буни амалда ҳал қилиш учун қонунда бўшлиқ бор эди. Буни ЛГБТ масалаларига даҳли йўқ деб ҳисоблаймиз. Агар кейинчалик суъистемолликка олиб келмаса, бу тўғри маънода ишлаши керак”.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 120-моддасига кўра, “бесоқолбозлик” учун бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Аммо Вазирлар Маҳкамасининг жинсини ўзгартирганларга исм-шарифини алмаштиришга рухсат берган қарорида бу масала юзасидан аниқ изоҳ ёзилмаган. Ҳужжатда “жинси ўзгартирилганда” деган ибора қўлланилган холос. Шу сабабли, тармоқларда буни "ЛГБТга нисбатан либераллашув" сифатида баҳолаган танқидий фикрлар кўпайган.
Маълумотларга кўра, мазкур қарор устида ишлаш 2021 йилдан бошланган. Бироқ Ўзбекистонда жинсига боғлиқ муаммолар билан шифокорларга мурожаат қилувчи фуқаролар сони ҳақида расмий статистика мавжуд эмас.
Таниқли андролог ва сексопатолог Дилмурод Иргашев Озодлик билан суҳбатда ҳар йили шахсан унга 7–8 нафар ўзбекистонлик шундай муаммо билан мурожаат қилишини айтди. Агар Марказий Осиё давлатлари ва Россиядан келадиган беморлар ҳам қўшиб ҳисобланса, у йилига 30 дан 40 нафаргача шахс билан ишлайди.
Дилмурод Иргашев
Янги қабул қилинган қарорнинг ташаббускорлардан бири эканини айтган Иргашов мазкур ҳужжатни ЛГБТ жамоасига қаратилган имтиёз деб талқин этмасликни сўрамоқда:
“Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида “қиз бола” деб ёзилган, кейин ўғил болалиги аниқланганларга рухсат бериляпти. Генетик жинси тиббий хулосалар билан аниқланганда, ҳужжатларини муаммосиз алмаштириш кўзда тутилган. Операция орқали жинсини алмаштирганларга ва паспорт олмоқчи бўлганларга бунинг умуман алоқаси йўқ”.
Баъзи давлатларда жинсни ўзгартириш фуқаролик қонунида белгиланган бўлиб, амалий ёрдам ҳам кўрсатилади. Аммо бу ҳолат кўпроқ трансгендер фуқароларга тааллуқли.
Илмий маълумотларга кўра, “жинсий патология” — бола туғилганида унинг жинсий аъзолари аниқ эркак ёки аёл жинсига мансуб эмаслигини англатади. Баъзи ҳолатларда инсон танасида жинс белгиларининг иккаласи ҳам учрайди. Бундай шахслар операция ёки гормонал муолажалар орқали ўз жинсини танлашга мажбур бўлади.
Эндокринологларнинг айтишича, Ўзбекистонда кўпинча шундай туғма жинсий патология билан дунёга келган болалар ота-онанинг хоҳишига қараб ўғил ёки қиз сифатида тарбияланади. Мақоламиз қаҳрамони Нафиса ҳам шундай шароитда ўсган:
“Шифокорлар менга ҳар хил дориларни, таблеткаларни ёзиб беришган. Лекин фойдаси йўқлигини айтиб, кейин ёзиб беришган. Ота-онам мени ўша дориларни ичишга, “қиз бола бўлиб яшашга” мажбурлашди. Лекин мен ўғил боламан, ҳеч қанақа дори-дармоннинг фойдаси бўлмади”.
Энди яна Жиноят кодексидаги 120-модда, яъни “бесоқолбозлик”ка қарши жиноий жавобгарликка масаласига тўхталадиган бўлсак, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу моддани кодекстан чиқариш ва жиноий таъқибни бекор қилиш масаласида Тошкентга бир неча бор мурожаат қилган. Аммо, янги қарорининг мазкур моддага ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу сабаб, Ўзбекистонда бир жинсли муносабатлар қонунан таъқиқ этилган ҳолича қолади.